26 февраль куни Тошкентдаги «Рамада» меҳмонхонасида ОАВ вакиллари ва футбол журналистлари учун ФИФА инструкторлари иштирокида семинар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий сайти.
Мазкур семинарни ФИФА инструкторлари Али Траифи (Саудия Арабистони) ҳамда Фарҳод Абдуллаев (Ўзбекистон), шунингдек, ЎФФ ҳакамлар ва назоратчилар Бошқармаси бошлиғи Ноил Лутфулин ва ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўтказди. Икки соатдан ортиқроқ вақт давомида журналистлар ҳакамлар фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотларга эга бўлди ва шу билан биргаликда ҳакамлик ва футбол қоидаларига оид билимларини синаб кўрди. Бунинг учун уларга футбол учрашувлари пайтида содир бўлиб турадиган турли хил баҳсли вазиятлар акс эттирилган видеоматериаллар тақдим этилди.
Таъкидлаш лозим, ташриф буюрган журналистлар мазкур семинар унда қатнашган барча иштирокчилар учун фойдали бўлишини айтиб ўтди ва бундай семинарларни яна ташкил этиш таклифи билан чиқиди.
Семинарда иштирок этган ФИФА инструктори Али Траифи мазкур тадбир ҳақида ўз фикрларини билдирди ва ҳакамлар билан бир қаторда журналистлар ҳам футбол ривожи йўлида муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди.
«Футбол фақат футболчи ва мураббийлардан иборат эмас. Унда бир қатор бошқа соҳа вакиллари ҳам борки, уларсиз бу спорт турини тасаввур қилиш қийин, – деди Али Траифи. – Ҳакамларнинг қарорлари футболда катта аҳамиятга эга ва айрим вазиятларда айнан ушбу қарорлар ўйин тақдирини ҳал қилади.
Шу билан бирга, футболда журналистларнинг ҳам ўрни каттадир. Айнан улар туфайли миллионлаб инсонлар энг сўнгги футбол янгиликларидан хабардор бўлади. Аммо айрим вазиятларда улар ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, қоидалар ҳақида етарлича билимга эга бўлмай футболдаги эпизодлар, ҳакамларнинг қарорлари борасида борасида фикр юритади. Бу эса футбол мухлислари ва ўқувчилар учун нотўғри маълумотлар тарқатилишига олиб келади.
Бугунги семинар айнан шунақа ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳам ташкил этилди. Семинар давомида эса ўзбекистонлик журналистларнинг мунозарали вазиятларни муҳокама қилиш пайтида анча фаол бўлгани менга манзур бўлди».
Изоҳ (0)