Осиё Чемпионлар лигаси доирасида «Пахтакор» ва «Нафт» клублари ўртасида кечадиган учрашув олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида, аввало, рақиб жамоа бош мураббийи Али Ризо Мансуриан иштирок этиши лозим эди. Аммо «Нафт» бош мураббийи ўз вақтида етиб кела олмагани туфайли биринчи бўлиб «Пахтакор» бош мураббийи Самвел Бабаян ҳамда Акбар Исматуллаев ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Uff.uz».
Самвел Бабаян: Эртага бўладиган ўйин биз учун катта аҳамиятга эга. Чунки мавсумдаги илк ўйинни ОЧЛда ўтказамиз. Ҳозирдан ўз мақсадимизни айтиб ўтмоқчи эмасман. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим ва уларни чиройли суратда ўтказмоқчимиз. Рақиб ҳақида шуни айтишим мумкинки, «Нафт» Эрон чемпионатида иштирок этиши ҳам кўп нарсадан далолат беради. Бу чемпионат жуда кучли, рақиб эса унда етакчилик қилмоқда. Шундай бўлса-да биз рақибни яхшилаб ўрганганмиз: унинг кучли ва кучсиз томонларидан бохабармиз. Биз эртага ғалаба учун майдонга тушамиз.
Акбар Исматуллаев: Бу ўйин қай даражада муҳимлигини барчамиз тушуниб турибмиз. Рақибни ўргандик ва ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Эртага майдонга тушиб, мухлисларни хурсанд қиламиз.
Савол: Эртага жисмоний тайёргарлик муҳим аҳамият касб этиши аниқ. Бу борада нима дея оласиз?
Жавоб: Ҳар икки жамоанинг тайёргарлигини кўриб чиқсак, албатта, рақибимиз бу борада биздан анча кучли кўринади. Буни тан олиш керак. Чунки уларда мавсум давом этмоқда. Биз эса фақат ўртоқлик ўйинлари ўтказдик. Аммо «Пахткор» ўз уйида ўйнайди ва, энг муҳими, ОЧЛда ўйнаш учун жуда катта тажрибага эга. Шундай экан, биз ғолиблик учун курашамиз. Мавсум бошидаги ўйин учун етарлича жисмоний тайёргарлик кўра олганмиз, деб ўйлайман.
Савол: Жамоада жароҳат олганлар йўқми? Козак ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
Жавоб: Козак эртага майдонга тушишга тайёр. Таркибда жароҳат олганлар йўқ. Фақат Камолиддин Тожиевни истисно қилганда, қолган барча футболчилар майдонга тушишга тайёр. Камол операция қилинган ва икки ой ўйнай олмайди.
Савол: Мусобақада чемпион бўлишни мақсад қилганингизни айтган эдингиз. Шу сабабли таркиб кучайтирилди. Аммо Алибобо Раҳматуллаев нима учун жамоада эмас?
Жавоб: Биз уни жамоага таклиф қилдик ва икки ой давомида бирга ишладик. Аммо бизнинг қарашларимиз тўғри келмади. Алибобо жуда катта мақсадлар сари интилмоқда. Бизнинг қарашларимиз ўзаро тўғри келмади. Футболчи билан келишиб, шартномани бекор қилишга қарор қилдик. Албатта, у жуда катта иқтидорга эга. Шундай бўлса-да, икки ойлик фаолияти давомида ҳамкорлик қилмаган маъқул, деган қарорга келдик.
Савол: Рақиб 22 ўйиндан буён мағлубиятга учрамаяпти. Бу ҳолат сизга ортиқча босим юкламайдими?
Жавоб: Биз қуръадан сўнг дарҳол рақибни ўрганишни бошлаганмиз. Ҳозирда «Нафт» ҳақида барча маълумотга эгамиз. Эртага бўладиган ўйин учун режа тузиб қўйганмиз. Рақиб таркибида ҳар бир футболчи бир-бирини тўлдириш қобилиятига эга. Бизнинг вазифамиз – рақибга ўз ўйинини кўрсатиш имконини бермаслик ва хато қилишга мажбурлаш. «Нафт» жуда кучли эканини тушуниб турибмиз. Рақибнинг ҳар бир футболчиси жамоа учун ўйнайди. Шунга қарамасдан биз эртага муносиб ўйин кўрсатишга тайёрмиз. Биз чемпионларга хос ўйнашимиз керак.
Савол: «Нафт» таркибида бирор футболчини алоҳида ажратиб кўрсата оласизми?
Жавоб: Албатта, рақиб таркибида кучли футболчилар бор, аммо барибир жамоавий ўйинга урғу берган бўлардим.
Савол: Ўтган мавсум Егор Кримец таянч ярим ҳимоясида ўйнаган эди. Агар эртага Козак майдонга туша олмаса, Кримец марказга ўтиши мумкинми?
Жавоб: Тўғри айтдингиз, биз ўтган мавсум шундай ўзгаришлар қилган эдик. Аммо Кримецни марказга олсак, унинг ўрнини боса оладиган Тожиев жароҳат олган, Миладинович эса жамоадан кетган. Шундай экан, Егор ўз жойида ўйнайди. Марказда эса майдонга тушадиган футболчилар етарлича.
Савол: Ўтган мавсум сизни менежер сифатида билган эдик. Аммо ҳозир бош мураббий сифатида мурожаат қилишимиз айтилди. Бунинг сабаби нимада?
Жавоб: Бу борада аввал ҳам айтганман, яна бир бор такрорлайман, менежер – жамоа бошқарувида бош мураббийга қараганда кўпроқ ваколатга эга бўлган инсон. Менежер нафақат жамоа натижаси ва ўйини, балки бошқа маъмурий ишлар ва академия билан ҳам шуғулланиши керак. Мен айнан шу ишни бажараман. Аммо Чемпионлар лигасида «менежер» тушунчаси йўқ. Шу сабабли бу ўринда бош мураббий сифатида ишлайман. Ички биринчиликда эса менежерман.
Савол: Эртага қандай ўйин услубини танламоқчисиз?
Жавоб: Биз рақибни ўрганиб чиққанимизни айтдим. Аммо эртага қандай услубда ўйнашимизни ҳозир ошкор қилмоқчи эмасман. Бу борада сир сақлашни маъқул кўраман.