Сардор Рашидовнинг «Интер» клубига ўтиш масаласини ФИФА агенти Санъат Шарипов шахсан клуб президенти Эрик Тоҳир билан муҳокама қилди, деб хабар беради «Uff.uz».
Осиё Кубогидан ортга қайтаётган футбол агенти Санъат Шарипов Жакартада Миланнинг «Интер» клуби президенти Эрик Тоҳир билан учрашди.
Норасмий ва дўстона руҳда ўтган музокара чоғида Санъат Шарипов «Интер» хўжайинига унинг клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси вингери Сардор Рашидовни яқиндан кузатишни тавсия қилди. Ўз ўрнида Эрик Тоҳир ҳам бунга розилик билдириб, Сардор Рашидовни клубга таклиф қилди.
Айни пайтда «Бунёдкор» клуби февралда бошланадиган Осиё Чемпионлар лигасига тайёргарликни бошлаб юборган. Шу сабабли Санъат Шарипов Тошкентга келганидан кейин «Бунёдкор» раҳбарлари билан учрашиб, Рашидовнинг «Интер» клубига бориши учун ҳар икки томонга қулай бўлган вақтни танлаб олиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Санъат Шарипов Эрик Тоҳир билан келажакда ўзаро ҳамкорлик қилиш, «Интер» клуби инфратузилмаси билан танишиш, тажриба алмашиш борасида ҳам келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Сардор Рашидов Осиё Кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида барча 4 та учрашувда қатнашиб, 2 та гол киритган. Гуруҳдаги КХДР ва Хитойга қарши ўйинларда Рашидов захирадан майдонга тушган бўлса, Саудия Арабистони ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларни асосий таркибда бошлаган.
Изоҳ (0)