Германия ва умуман Европа Иттифоқи Украинадаги можаро ҳал этилган тақдирда Россияга кенг эркин савдо ҳудуди тузишни таклиф қилишлари мумкин, деб хабар бермоқда «Сегодня.ua».
Ушбу позицияни Германия канцлери Ангела Меркель 23 январь куни Флоренсияда тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва Евроосиё иттифоқи ўртасидаги музокаралар бемалол ўтказилиши мумкин.
Яқинда эса Меркель Давосда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон иқтисодий форумида бир пайтлар Россия президенти Владимир Путин томонидан таклиф қилинган «Лиссабондан Владивостоккача» эркин савдо ҳудудини ташкил этиш формуласини қайд этиб ўтди. «Бу албатта бизнинг мақсадимиз бўлиши лозим. Умид қиламанки, бундай имконият пайдо бўлади», − деди канцлер.
Унинг фикрича, бу ҳолатда Украина ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ассоциация билан боғлиқ қийинчиликларни ҳам ечиш мумкин бўлади. Бироқ бундай музокаралар бошланиши учун аввало Украинада тинчлик ўрнитилиши лозим. Шунга қарамай, Меркель Европада Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан буён ҳукм сураётган тинчликни бузгани учун Россияга нисбатан санкциялар давом эттирилишини ёқлашини маълум қилди.
Изоҳ (0)