16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов бошқарган мажлисда Комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Марказий сайлов комиссиясининг аввалги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 9 ва 14-моддаларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Комиссиянинг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Таъкидланганидек, округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг жорий йил 13-14 январь кунлари бўлиб ўтган мажлисларида муҳокама қилинганидан сўнг Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди. Округ сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан танлаб олинган.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)