15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М. Абдусаломов олиб борди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 58-моддасига ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига 2015 йил 13−14 январь кунлари бўлиб ўтган сайлов натижалари кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси мажлисида таъкидланганидек, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлислари сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида, очиқ ва ошкора ўтди. Қонунчилик бузилиши билан боғлиқ бирор-бир ҳолат қайд этилмади.
Сенат аъзолигига номзодлар маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият фаолиятида катта амалий тажрибага эга ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлари орасидан Оқсоқоллар кенгашлари томонидан кўрсатилди.
Яширин овоз бериш натижасида Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари орасидан сайланди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинди.
Изоҳ (0)