АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида давом этаётган CES 2015 кўргазмасида бир қатор янги ақлли соатлар намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Sony компанияси SmartWatch 3 интеллектуал хронометрини намойиш этди. У зангламас металлдан ясалган. Соат экрани 1,6 дюйм. Соат 1,2 ГГц частотада ишлайдиган тўрт ядроли процессор, 512 Мбайт тезкор ҳамда 4Gбайт доимий хотирада ишлайди. Шунингдек, унга Bluetooth 4.0 ва NFC модули ўрнатилган.
SmartWatch 3 Android Wear операцион тизимида ишлайди. Компания ҳозирда соатларнинг нархини эълон қилмаган.
Garmin компанияси спортчилар ҳамда актив ҳаёт тарзини олиб борувчилар учун мўлжалланган Vivoactive номли ақлли соатини тақдим этди. Гаджетга югуриш, сузиш, гольф ўйнаш, велосипед учиш ва бошқа кўплаб спорт машғулотларида керак бўладиган иловалар ўрнатилган. Фойдаланувчилар босиб ўтилган масофа, ишлатилган калория, машғулот вақтлари, тезлик ва бошқа кўрсаткичлар ҳақида маълумот олишлари мумкин.
Vivoactive Bluetooth 4.0 ёрдамида Apple iOS ёки Android смартфонларига уланиши мумкин. Гаджет GPS’дан фойдаланган вақтда 10 соат хизмат қилиши мумкин. Автоном ишлаш вақти эса 7 ҳафта.
Vivoactive тез орада 250 доллар нарх билан сотувга чиқиши кутилмоқда.
Кўргазмада намойиш этилган яна бир ақлли соат − Alcatel OneTouch Watch. Унга 1,22 дюймли дисплей ҳамда STMicroelectronics STM429 процессори ўрнатилган. Гаджет Apple iOS ёки Android операцион тизимида ишлайдиган қурилмаларга уланиши мумкин. Унга бир неча сенсорлар: электрон компас, акселерометр, гироскоп, алтиметр ҳамда юрак уришини текширувчи датчик ўрнатилган.
Alcatel OneTouch Watch 150 еврогача бўлган нархда сотилиши кутилмоқда.
LG ҳамда Audi компанияси ҳамкорлигида webOS операцион тизимида ишлайдиган ақлли соат ясалди. Audi вакиллари кўргазмада кўрсатилган соатлар ҳозирча прототип бўлса ҳам, бироқ гаджетнинг қай кўринишда бўлишини тахминан билиб олиш мумкин.
Соатлар думалоқ шаклга эга бўлиб, чиройли дизайнга эга. Яна бир қизиқ томони, гаджет webOS операцион тизимида ишлайди. Унга Audi компаниясининг махсус иловаси ўрнатилган. Фойдаланувчи илова ёрдамида масофадан туриб автомобилнинг бир неча функцияларини ишлатиши мумкин. Масалан, NFC ёрдамида автомобиль эшикларини очиш мумкин. Шунингдек, Voice Memo, Q Voice, Remote Shutter, Find My Phone каби иловалар ҳам ўрнатилган. Ҳозирча соатнинг нархи ҳақида маълумотлар йўқ.
Изоҳ (0)