Исландия ҳукумати яқин орада Европа Иттифоқига аъзо бўлишдан воз кечишни режалаштирмоқда. Буни мамлакат бош вазири Сигмундур Давид Гуннлаугссон Bylgjan радиостанцияси эфирида эълон қилди, деб хабар бермоқда Parliament Magazine.
Унинг сўзларига кўра, 2009 йилда расман тақдим этилган талабнома жорий йилнинг бошида қайтариб олинади. Mbl.is нашрида келтирилишича, Гуннлаугссон аввал эришилган барча келишувларни эскирган деб ҳисобламоқда.
Исландия ўта оғир иқтисодий аҳволда қолганидан сўнг, 2009 йилнинг июль ойида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун талабнома тақдим қилган эди. Ушбу аъзоликдан мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш ва инқирозларнинг олдини олиш каби натижалар кутилган эди.
Европа Иттифоқига кириш бўйича музокаралар 2010 йилда бошланган, аммо 2013 йилда Исландиянинг янги ҳукумати Брюссель билан музокараларни тўхтатиш ва бу масалалари референдумга олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди. 2014 йилнинг февраль ойида Исландия парламенти мамлакат ташқи ишлар вазири Гуннар Браги Свенссоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишдан батамом воз кечиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Изоҳ (0)