Янги йил байрами арафасида Фарғона вилояти Бувайда тумани тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президент раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, даволашнинг янги технология ва усулларини кенг жорий этиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Лойиҳа қиймати 3 миллиард 440 миллион сўм бўлган ушбу бинонинг қуриб фойдаланишга топширилиши ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.
90 ўринга мўлжалланган мазкур бўлим замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада ички хасталикларни аниқлаш, самарали даволаш ҳамда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари янада кенгайди.
«2015 йилда ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилиб, янги қабул диагностика бўлими қурилиши, кўп тармоқли марказий поликлиника, туғруқ бўлими капитал реконструкция қилиниши режалаштирилган», — деди Бувайда тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Валижон Ҳайдаров.
Изоҳ (0)