CNN нашри дунёдаги энг чиройли ва ҳайратга соладиган фавворалар рейтингини эълон қилди, деб хабар бермоқда Корреспондент.net.
Kanazawa Fountain Clock (Япония)
Япониянинг Канадзава шаҳридаги темир йўл станциясида жойлашган Kanazawa Fountain Clock бетакрор соати бир неча кичик фавворалардан ташкил топган. Мазкур фавворалар орқали ҳарф ва рақамлар ёзилиб, ушбу вазифага махсус тизим жавоб беради.
Banpo Moonlight Rainbow Fountain (Корея)
Корея Республикасининг пойтахти Сеулда жойлашган мазкур сув иншооти дунёдаги энг узун кўприк-фаввора ҳисобланади. Бу ерда дақиқасига 190 тонна сув кучли босим билан қуйилади. Суви бевосита Ханган дарёсидан келадиган мазкур фаввора шоусига апрель ойидан октябрга қадар ҳар куни гувоҳ бўлиш мумкин.
Swarovski Crystal Head Fountain (Австрия)
Австриянинг Инсбурк шаҳридаги фавворанинг ичида Swarovski музейи жойлашган. Музей ўт-ўсимлик билан қопланган улкан бош шаклида қурилган. Мазкур бошнинг оғзидан сув оқиб туради, кўзлари эса Swarovski ойналаридан ясалган. Айни дамда реконструкция учун ёпилган музей 2015 йил май ойида очилади.
Беллажио фавворалари (Лас-Вегас)
Беллажио фаввораларининг қурилишига 40 миллион доллар сарфланган. Бу ерда сув 24 қаватли бинога тенг баландликкача кўтарилади.
Бойлик фаввораси (Сингапур)
Дунёдаги энг катта фаввора номига сазовор бўлган Бойлик фаввораси 1998 йил Гиннес рекордлари китобидан жой олган.
Tap fountain (Испания)
Мазкур ғаройиб фаввора Испаниянинг Менорка оролида жойлашган бўлиб, ундаги сув қувурдан отилиб чиқади.
Jet d'Eau (Женева)
Ушбу фаввора суви 140 метр баландликкача кўтарилади.
Crown Fountain (Чикаго)
Мазкур сув иншооти ҳавзасида рақамли видео акс этиб, у фаввора ёнидаги минораларда ўрнатилган экранларда намойиш этилади.
Дубай фаввораси (Дубай, БАА)
Ушбу фаввора дунёнинг энг баланд иншооти Бурж Халифа олдида жойлашган бўлиб, унинг суви 50 қаватли бино баландлигигача кўтарилади. Сув иншооти 6600 дона светодиод ва 25 та рангли прожектор билан жиҳозланган.
Aquanura, Эфтелинг (Голландия)
Aquanura фаввораси Голландиядаги Эфтелинг боғининг 60 йиллиги муносабати билан 2012 йилда қурилган. 200 фаввора ва 900 та чироқдан иборат композиция ҳар куни 6500 томошабинни ўзига жалб қилади.
Scioto Mile Fountain (Огайо, АҚШ)
Апрель ойидан октябрга қадар ишлайдиган мазкур фаввора ер остидаги ҳажми 416 395 литргача бўлган сув ҳавзалари ёрдамида фаолият юритади.
Lotte World Musical Fountain (Пусан, Жанубий Корея)
2010 йилда очилган мазкур сув иншоотини томоша қилиш учун ҳозирда кунига 20 минг сайёҳ ташриф буюради.
Longwood Gardens (Пенсильвания, АҚШ)
Мазкур фавворалар серияси 1931 йилда қурилган бўлиб, 1984 йил тўлиқ компьютерлаштирилган. Унинг суви 39 метр баландликкача кўтарилади.
Стравинский фаввораси (Париж)
Ушбу сув иншооти 16 механик ҳайкалдан иборат бўлиб, улар бастакор Игорь Стравинский мусиқалари оҳангида ҳаракатга келади.
Turning Heads Fountain ( Калифорния, АҚШ)
Ушбу фаввора одамнинг қисман сув остида бўлган боши шаклида маҳаллий санъаткор Сеед Алави томонидан қурилган.
Изоҳ (0)