КХДР миллий терма жамоаси Осиё кубоги—2015га сирли тарзда тайёрланди. Шимолий кореяликларнинг тайёргарлик режаси, жойи ва ўртоқлик ўйинлари мутлақо сир сақланди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Кореяликлар кейинги ҳафта бошида Австралияга етиб боради. Терма жамоанинг машғулот режаси катта давлат сири ҳисобланиб келинди. Бир нарса аниқ: КХДР ҳозирда, Австралияга йўл олишдан аввал Хитойнинг Хайнан провинциясида йиғин ўтказмоқда.
Бошқа 15 та терма жамоа ўзининг ўқув-машғулот йиғини ва ўртоқлик ўйинларини ОАВдан яширмаган.
КХДР бош мураббийи Юн Чжонг Су Осиё ўйинларида ҳакамни ҳақорат қилгани учун ОФК томонидан бир йилга дисквалификация қилинди. У расмий шахслар рўйхатига киритилган. У машғулотларда иштирок этиши мумкин, аммо захира ўриндиғида ўтира олмайди. Шу боис Чжо Донг Соб бош мураббий этиб тайинланди.
ЖАР—2010да шимолий кореяликлар терма жамоани қўллаб-қувватлаш учун ёлланган «мухлислар» хизматидан фойдаланганди. Улар бир хил кийинган хитойликларни мухлис сифатида ёллаганди. Бу сафар улар қандай режа ишлаб чиққани ҳозирча номаълум.
КХДРнинг Осиё кубоги—2015даги илк ўйини 10 январь куни Ўзбекистонга қарши бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)