МДҲ мамлакатаридан келаётган муҳожирлар 2015 йилдан бошлаб Россия ҳудудига фақат чет элга чиқиш ҳуқуқини берувчи паспортлар («загранпаспорт») билан кириши мумкин бўлади. Бу ҳақда Россия федерал миграция хизмати (ФМХ) раҳбари Константин Ромодановский сўзларига таяниб, «Kun.uz» маълум қилди.
Унинг аниқлик киритишича, ушбу қоида ҳозирча Қирғизистон фуқароларига дахл қилмайди, чунки бу мамлакат ҳозирги вақтда Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ромодановскийнинг қўшимча қилишича, Украина бўйича ҳали бир қарорга келинмаган.
«Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг фуқаролари Россияга ‘загранпаспорт’ билан кириши мумкин бўлади», — деди ФМХ раҳбари Россия ҳукуматининг «Российская газета» газетасига берган интервьюсида.
Маълумот учун, Россияда паспортнинг икки тури бўлиб, бири мамлакат ичида фойдаланиш учун, иккинчиси эса («загранпаспорт») хориж сафарлари учун мўлжалланган. Ўзбекистонда ҳар иккала ҳолат учун фақат битта паспорт хизмат қилади, фақатгина чет элга чиқувчи Ўзбекистон фуқаросининг паспортида дунёнинг исталган мамлакатига чиқиш ҳуқуқини берувчи стикер бўлиши керак.
Изоҳ (0)