Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга суиқасд уюштирилиши ҳақидаги можароларга сабаб бўлган «Интервью» комедияси тўрт кун ичида интернетдаги намойиши давомида 15 миллион доллар йиғди, деб хабар беради «Kun.uz» «Вести.ru» ахборотига таяниб.
Мазкур фильмни ҳозирга қадар маълум ҳақ эвазига 2 миллионга яқин фойдаланувчи кўчириб олди. Бу фильмнинг бир қатор кинотеатрларда намойиш этилиши орқасидан яна 3 миллион доллар ишлаб олинди.
«Биз бу фильмни Рождество байрамига чиқаришга ҳаракат қилдик. Бу ўзига яраша чақирув бўлди ва биз бунга эришганимиздан мамнунмиз», — деб айтиб ўтди Sony Pictures раҳбарларидан бири Рори Брюер.
Маълумот учун, фильм аввалбоши 25 декабрь куни катта экранга чиқарилиши мўлжалланган эди. У АҚШнинг 3000 га яқин кинотеатрида намойиш қилиниши керак эди, деб ахборот беради «РИА Новости».
Бундан бир неча кун аввал Sony Pictures компанияси хакерларнинг ҳужумига учради. АҚШ ҳукумати бунда Пхеньянни айблаб, бундай ҳаракатлар миллий хавфсизликка таҳдид солиши ҳақида айтиб ўтди. Пхеньян эса Вашингтон қўйган айбловларни инкор этди.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Sony Pictures бу фильмнинг катта экранларга чиқишини тўхтатиб қўйди, бироқ АҚШнинг бир неча кинотеатри бу фильмни намойиш этиш фикридан қайтмай, уни ўз экранларида намойиш қилмоқда.
Изоҳ (0)