Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Абитуриентларнинг ҳужжатлар тўпламини қайтариб олиш учун электрон ариза бериш янги интерактив хизмати жорий этилди, деб хабар беради «Index.uz».
Абитуриентлар порталда белгиланган маълум қонун-қоидалар асосида топширилган ҳужжатларини почтадан қайтариб олиш имкониятига эга бўлади. Ушбу хизматдан фойдаланиш учун абитуриент квитанция бланкасини юклаб олиб, уни тўлдирган ҳолда банк бўлинмаси ёки аҳолидан тўлов қабул қиладиган кассага тақдим этиши ва энг кам иш ҳақининг 15 фоиз миқдоридаги тўловни амалга ошириши керак. Ушбу тўлов олий таълим муассасаси, почта хизмати ва суғурта хизматларини қоплаш учун ундирилади.
Ҳужжатлар тўплами почта бўлими томонидан абитуриентга йўлланган вақтдан бошлаб 3 кун ичида аризачи кабинетига штрих код юборилади. Ушбу штрих кодни «Рўйхатга олинадиган почта жўнатмаларини қидириш» хизматига киритиш орқали почта йўлланмасининг ҳолати ва турган жойини аниқлаш мумкин.
Почта йўлланмаси аризачи кўрсатган манзил бўйича энг яқин почта бўлимига 7 кун ичида етказиб берилади. Аризачига почта йўлланмаси етиб келганлиги тўғрисида хабарнома юборилади. Хабарнома телефон орқали ҳам етказилиши мумкин.
Олий таълим муассасаси томонидан жўнатилган ҳужжатлар почта бўлимига етиб боргач, аризачи почта йўлланмасини 30 кун давомида олиб кетиши керак, акс ҳолда, ҳужжатлар тўплами жўнатувчига қайтарилади. Қайтарилган ҳужжатларни такроран жўнатиш учун мурожаат қилинган ҳолда аризачидан қайтариш ва такроран жўнатиш билан боғлиқ тўлов ундирилади.
Изоҳ (0)