Жорий йилнинг 23−24 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Халқ таълими вазирлиги томонидан конституциямизнинг 22 йиллигига бағишлаб «Президент асарларини ўрганамиз» кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.
Халқ таълими вазирлиги томонидан 2001 йилдан бери умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида «Президент асарларини ўрганамиз» танлови ўтказиб келинмоқда. Уни ўтказишдан асосий мақсад ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларга бош қомусимиз мазмун-моҳиятини пухта ўргатиш, юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат.
Танлов тўрт босқичда: мактаб, туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилиб, унда ўқувчилар ижодий ишлари билан иштирок этадилар ҳамда ҳуқуқий билмларини намойиш қилишади. Кўрик-танловнинг якуний республика босқичида барча ҳудудлардан ташриф буюрган жами 15 нафар ўқувчи ўзаро беллашди. Танлов якунларига кўра Навоий вилояти Навоий шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган мактабининг 9-синф ўқувчиси Худойқулова Сабина 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани 27-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Мўминбаева Шоира эгаллаган бўлса, 3-ўрин Тошкент шаҳри А. Хлебушкина номидаги 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Ўролов Абдулҳайга насиб этди. Кўрик-танлов ғолиб ва иштирокчиларига Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Изоҳ (0)