2-Республика тиббиёт коллежи ётоқхонаси биноси ва иншоотлари ёндош ҳудудлари билан биргаликда беғараз асосда Тошкент Халқаро Вестминстер университетига берилади, деб хабар бермоқда UzReport.
Тегишли қарор 2014 йил 16 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети талабаларининг ўқиши ва турар-жойи учун қўшимча шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинди. Ҳужжат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва университет томонидан ишлаб чиқилган университет инфратузилмасини янада кенгайтириш дастури тасдиқланди.
Дастурга биноан, университет тўлов-контракт асосида ўқитиш ҳисобидан тушадиган ўз маблағлари, бюджет ссудалари, хайрия ва қонунчилик томонидан тақиқланмаган бошқа маблағлар эвазига ётоқхона биносини капитал таъмирлаши ва жиҳозлаши, унинг ҳудудида муҳандислик-коммунал иншоотларни қуриши ва ҳудудни ободонлаштириши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига университетнинг асосланган аризасига биноан дастурни амалга ошириш учун 3 миллиард сўм миқдорида фоизсиз бюджет ссудаси ажратилиши топширилди. Ушбу ссуда 2016 йилдан бошлаб 3 йил муддатда босқичма-босқич қопланиши кўзда тутилган. Дастур амалга оширилиши учун ишлатиладиган барча маҳсулотлар 2016 йил 31 декабргача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинади.
Изоҳ (0)