Сунъий йўлдошлардан олинган охирги суратлар Шимолий Корея яқин орада ядровий синовларни ўтказиши даргумонлигидан дарак беради. Бу ҳақда Жон Хопкинс университетининг Америка-Корея институти хабарига асосланиб «Kun.uz» маълум қилди.
«Паст даражадаги фаолликка асосланган ҳолда, Шимолий Корея яқин 2-3 ой ичида ядровий синовларни ўтказиши эҳтимолдан узоқ», – деб айтилади институт сайтида берилган ахборотда.
Шимолий Кореянинг Пунгери полигонининг сунъий йўлдошдан олинган охирги суратлари бу ерда ядровий қуролни портлатишга тайёргарликнинг ҳеч қандай аломатлари йўқлигини кўрсатмоқда.
Аввалроқ Пхеньян Шимолий Кореянинг инсон ҳуқуқларини бузаётганлигига қарши қабул қилинган БМТ резолюциясига жавоб тариқасида Ғарб мамлакатларини ядровий синовларни ўтказиши билан қўрқитган эди.
Шимолий Кореяда бундай синовлар охирги марта 2013 йилнинг февралида ўтказилган эди.