КХДР терма жамоасининг Осиё Кубогига тайёргарлиги хавф остида қолди. Маълум қилинишича, ОФК терма жамоа бош мураббийи Юн Чен Суни бир йилга футболдан четлатишга қарор қилган, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Бунга сабаб сифатида мураббий Осиё ўйинлари финалида Жанубия Кореяга қарши кечган ўйинда тажовузкор ҳаракат қилгани кўрсатилмоқда. Юн Чен Су жамоаси 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган бу ўйинда ўзини ёмон тутган. Айниқса, Жанубий Корея ҳисобни очгач, мураббий ҳакамларни турли гаплар билан ҳақоратлаган ва рақибга ён босишда айблаган.
Мураббий дисквалификация муддати давомида машғулот ўташ ҳуқуқини сақлаб қолган, аммо ўйинлар вақтида захира ўриндиғида ўтира олмайди. Шунингдек, КХДР терма жамоаси футболчиси Ким Ен Ир ҳам ярим йил муддатга футболдан четлатилган.
Эслатиб ўтамиз, КХДР терма жамоаси Ўзбекистон, Хитой ва Саудия Арабистони билан Осиё Кубогининг “B” гуруҳидан жой олган. Мусобақа 9 январдан 31 январга қадар Австралияда бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)