5 декабрь куни Бельгиянинг бева қироличаси Фабиола Брюсселдаги Стювенберг қасрида 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда қирол Филипп саройининг коммюникесига асосланиб Agence France-Presse хабар бермоқда.
Фабиола 1993 йилда вафот этган Бельгия қироли Бодуэн I’нинг рафиқаси бўлган. Уларнинг фарзанди бўлмагани боис тахтга ўтирган Бодуэннинг укаси Алберт 2013 йилда ўзининг тўнғич ўғли Филипп фойдасига тахтдан воз кечган эди.
Фабиола Фернанда Мария де лас Викторияс Антониас Аделаида Испания қироллик саройига яқин бўлган дворян оиласининг олтинчи фарзанди бўлган. Ҳамширалик мактабида таҳсил олган Фабиола 1955 йилда Бодуэн билан танишган ва 1960 йилда улар турмуш қурган. Бир неча марта ҳомиладор бўлганига қарамай, Фабиола валиаҳдни дунёга келтира олмаган. Бельгия конституциясига биноан, қироличанинг ҳеч қандай мажбурияти бўлмагани боис Фабиола ҳаётини хайрия ишларига бағишлаган.
Изоҳ (0)