4 декабрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган УЕФА мажлисида Қрим жамоалари тақдири ҳал қилинди. Мажлисда Қрим «алоҳида футбол ҳудуди» деб эътироф қилинди ҳамда Қрим жамоалари 2015 йил, 1 январдан бошлаб Россия чемопионати иштирокчисига айланиши ҳақидаги тахминлар йўққа чиқарилди. Бу қарор ҳақида «Kun.uz» хабар берди.
УЕФА ижро қўмитаси аъзоларидан бири Франтишек Лавринец Қрим футболига раҳбар этиб тайинланди ва у энди маҳаллий футболни ривожлантиришга масъул бўлади.
УЕФА бош котиби Жанни Инфантино Россияда 2018 йилда ўтказиладиган мундиалдан кейин ҳам Қрим футболи алоҳида ривожланишда давом этишини маълум қилган. Бироз олдинроқ ФИФА шундай режа мавжудлиги ҳақида билдириб ўтган эди.
«УЕФА ташкилоти ФИФАга қарам эмас. Биз ўз ҳудудимиздаги ишларни ўзимиз ҳал қиламиз», – деб фикр билдирган Жанни Инфантино.
Россия спорт ишлари вазири Виталий Мутко эса, бу қарордан жуда норози эканлигини изҳор қилган. «Ахир улар қаерда ўйнашади? Украинада ўйнаш мумкин эмас? Россияда ўйнаш мумкин эмас? УЕФА умуман футбол ҳақида ўйламаяпти!», – деб интервью берган Виталий Мутко.
Қайд этиб ўтамиз, Қрим ҳудудидаги «Таврия», «Севастополь» ва «Жемчужина» жамоалари Украина чемпионатида иштирок этиб келган, 2014 йил бошида Қрим масаласи кўтарилгач, бу 3 жамоа Россия қуйи лигаларида қатнашиши режалаштирилаётган эди.
Изоҳ (0)