2 декабрь куни Республика киночилар уйида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида тасвирга олинган «Бунёдкорлик эпопеяси», «Чемпион оилалар» ва «Қўшиққа айланган умр» ҳужжатли фильмларининг ОАВ вакиллари учун намойиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги.
Намойишдан сўнг мазкур фильмлар ижодкорлари иштирокида матбуот конференцияси ўтказилди.
Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов таваллудининг 110 йиллигига бағишлаб тасвирга олинган «Қўшиққа айланган умр» ҳужжатли фильми унинг ҳаёти ва ижодидан ҳикоя қилади.
Ҳофизнинг қизи Зуҳрохон Узоқованинг ҳикоя қилишича, ҳофиздан, бор-йўғи, 30 га яқин фотосурат сақланиб қолган. «Маъмуржон Узоқов ҳақида шу пайтгача бирорта ҳам ҳужжатли фильм ишланмаган. Шунинг учун унинг ҳаётига оид айрим саҳналарни Қўқон шаҳридаги драма театри актёрлари иштирокида саҳналаштиришга тўғри келди», — деди у.
Тадбирда «Соғлом бола йили» давлат дастурига киритилган «Чемпион оилалар»нинг сценарий муаллифи Забаржад Бобожонова мазкур ҳужжатли фильм шахмат бўйича бир неча бор жаҳон ва Осиё чемпионлари бўлган Синдоров ва Абдусатторовлар оилаларининг фарзандлари ҳақида ҳикоя қилишини қайд этди.
«Бунёдкорлик эпопеяси» фильмида моҳир фотограф Абдуғани Жуманинг Тошкент шаҳридаги учта йирик объектнинг қурилиш жараёнини фотосуратларга қандай муҳрлагани ҳикоя қилинади.
Тез орада учала ҳужжатли фильм ҳам катта ва зангори экранларга чиқади.
Изоҳ (0)