Белоруссияда миллий гўзаллик танловларини ташкиллаштириб, халқаро мусобақаларга иштирокчиларни тайёрловчи «ОНТ» телекенали матбуот котиби Юлия Дубовская Минск «Миссис Дунё» танловига ҳеч кимни жўнатмаганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Аввалроқ, АҚШнинг Мериленд штатида турмуш қурган аёллар ўртасида ўтказилган «Миссис Дунё − 2014» танловида белоруссиялик 31 ёшли Марина Алексейчик олий унвонга лойиқ кўрилгани, у 4 йил олдин турмушга чиққан бўлиб, ҳозирда телебошловчи сифатида фаолият кўрсатиши хабар берилган эди.
Дубовскаянинг сўзларига кўра, одатда халқаро танловлар ташкилотчилари ушбу телеканалга Белоруссиядан номзодни сўраб мурожаат қилиб турган. Мериленддаги танлов ташкилотчилари эса бундай мурожаат билан чиқмаган.
«Биз бу аёлни танимаймиз. Бу ғалати ҳолат ва бизга унчалик тушунарли ҳам эмас. Одатда Белоруссиядан халқаро танловларда миллий мусобақа ғолибаси қатнашади. ‘Миссис Белоруссия − 2014’ деб эса Юлия Перегудова топилган»,− деди телеканал матбуот котиби.
Изоҳ (0)