Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов (105 килограмм) Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида якунига етиб бораётган жаҳон чемпионатида икки кураш якунларига кўра кумуш медални қўлга киритди. Шундан сўнг у ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
«Асосий кураш Рио Олимпиадасида бўлиб ўтади. Бугун мен сўнгги сонияларгача кураш айнан Илья билан бўлиб ўтишини билгандим. Ильин уч карра жаҳон чемпиони бўлиб, шунинг ўзиёқ унинг салоҳиятидан дарак бериб турганди. Бугун у тўртинчи бор жаҳон чемпионига айланди ва дунё рекордини янгилади.
Мен икки кураш якунларига кўра кумуш медални қўлга киритганимдан хафа эмасман. Аксинча, бахтиёрман. Тиззамдаги жароҳат сабаб жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни қийин кечди. Ҳатто машғулотларда ҳам 215 килограмм тошни зўрға кўтараётгандим. Бугун кўрсатган натижам мўъжиза! Албатта, 239 килограмм тошни кўтарганимдан кейин олтинга умид қилгандим. Лекин Илья бугунги кунда жиддий рақиб эканлигини исботлади», — деди Руслан Нуриддинов.
Изоҳ (0)