Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмероннинг қайд этишича, Россиянинг Шарқий Украинадаги ҳаракатлари «номақбул» бўлиб, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан киритилган санкцияларнинг кучайтирилишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
«Мен россияликлар Украинанинг мустақил ва озод, танлов амалга ошира оладиган даражада эркин давлат сифатида ривожланишига йўл қўйиш кераклигини тушунмоқда, деб умид қиламан», — деди Кэмерон Канберрада бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, агар Россия «Украина озодлигига нисбатан ижобий муносабат» билдириб, масъулият билан ёндашса, чеклов чоралари бекор қилинади. Акс ҳолда эса санкциялар янада кучайтирилади.
Буюк Британия Бош вазири 10 ноябрь куни Лондондаги чиқишида ҳам шунга ўхшаш нутқ сўзлаган эди. Хусусан, у Россиянинг ҳаракатлари Европанинг бошқа қисмлари учун жиддий хавф солаётганини таъкидлаб ўтганди.
Изоҳ (0)