«Барселона» клуби собиқ президенти Жоан Лапорта каталонияликлар бошқарувига қайтишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Uff.uz.
Лапорта 12 ноябрь куни Мадридда машҳур агент Жорже Мендеш билан учрашди. Учрашув чоғида ресторанда «Ювентус» ҳужумчиси Фернандо Льоренте ҳам агенти Висенте Гарридо билан иштирок этди. Лапорта ва Мендеш бироз муддат Льоренте билан суҳбатлашгач, ҳоли қолди ва ўзаро музокара бошлади.
Суҳбат чоғида Мендеш Лапортани айни вақтда трансфер оламидаги ҳолат билан таништирди. Лапорта «Барселона» президентлиги учун ўтадиган 2016 йилги сайлов олдидан барча маълумотларни йиғиб олишни истамоқда.
Шу билан бирга Жоан Лапорта Жорже Мендешдан Криштиану Роналдунинг трансфер қийматини ҳам сўради. Аммо Мендеш бу трансферни амалга ошириш мутлақо мумкин эмаслигини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Жоан Лапорта «Барселона»нинг айни вақтдаги президенти Хосеп Мария Бартомеуни бир неча бора танқид қилиб ўтган эди.
Изоҳ (0)