Европанинг «Розетта» номли зонди (атмосферанинг юқори қатламларини текшириш учун мўлжалланган аппарат)нинг тушириладиган модули — «Фили» Тошкент вақти билан соат 21:03 да Чурюмов-Герасименко кометасига қўнди. Бу ҳақда Euronews хабар бермоқда.
Таркибида «Фили» модули бўлган «Розетта» аппарати фазога 2004 йил март ойида Француз Гвианасида жойлашган Куру космодромидан учирилган эди. 2011 йил июнь ойига келиб, «Розетта» Ер сайёрасидан 800 миллион километрга узоқлашиб, фазонинг узоқ қатламига етди. Шундай узоқ масофада, қуёш ёруғлиги етарли бўлмаган шароитда зонд гибернация (уйқу) ҳолатига келтирилди. Қайд этилишича, жорий йилнинг январь ойида уйғонган «Розетта» кометага яқинлаша бошлаган.
«Фили» модули «Розетта»дан бугун, 12 ноябрь куни Тошкент вақти билан 13:35 да ажралди ва комета юзасигача бўлган йўлни етти соатда босиб ўтди.
«Фили» комета тупроғидан намуналар олиш учун махсус қурилма, спектрометр, фотокамера ва зарраларни таҳлил қилувчи ускуналар билан таъминланган. Мазкур жиҳозлар 4,5 миллиард йил аввал пайдо бўлганидан бери ўзгармай келаётган кометани ўрганишга ёрдам беради. Мутахассислар мазкур ноёб миссияга «фазовий археология» деб ном берди.
Изоҳ (0)