«Заковат» интеллектуал клуби томонидан навбат бўйича IX Республика фестивали ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу фестивалда Республиканинг барча ҳудудларидан жамоалар иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда клуб расмий сайтида қайд этилган маълумотга таяниб, Xushnudbek.uz хабар бермоқда.
Фестивалда иштирок этиш истагини билдирган барча жамоалар ташкилий қўмитага ўз аризасини топшириши лозим.
Хабарда таъкидланишича, бу йилги фестиваль ўйинлари жорий йилнинг 30 ноябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган «Тановор садоси» ресторанида ўтказилади (мўлжал: «Зенит» заводи орқа томонида). Жамоаларни рўйхатдан ўтказиш ишлари соат 9.00 дан бошланади. Соат 9.30 да фестивалга старт берилади. Фестивалда дастлабки учта ўринни қўлга киритган жамоалар экран орқали бўлиб ўтадиган Саралаш баҳсларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Яна бир эътиборли томони жорий йилдан Фестиваль низомига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, Фестивалда иштирок этган вилоятлар жамоалари учун ҳам экран орқали бўладиган Саралаш ўйинларига камида битта йўлланма кафолатланадиган бўлди. Яъни Фестивалда 1—3-ўринларни Тошкент шаҳри жамоалари эгаллаган тақдирда ҳам, вилоят жамоалари ўртасида энг яхши натижа кўрсатган битта жамоага эгаллаган ўрнидан қатъий назар экран сари йўлланма берилади. Шунда Фестивалдан учта эмас, балки тўртта жамоа экранга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Бундай ўзгариш киритилишига сабаб, охирги икки йилги Фестиваль якунида барча ғолибларни Тошкент шаҳридан қатнашувчи жамоалар ташкил қилган эди. Вилоятлик билимдонларга ҳам қўшимча имконият бериш мақсадида шундай қарорга келинди.
Изоҳ (0)