Украина хавфсизлик хизмати томонидан 2014 йил март—ноябрь ойларида «давлатга хиёнат» айблови бўйича 36 жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Украина хавфсизлик хизмати раиси матбуот котиби Елена Гитлянская маълумотига таяниб, «Сегодня» хабар бермоқда.
«500 га яқин собиқ ҳарбий ходим, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимлари, шу жумладан, бизнинг хизматда фаолият юритган шахслар ‘давлатга хиёнат’ ва жосуслик қилгани учун жавобгарликка тортилди. Украина мустақилликка эришган вақтдан ҳозирги кунга қадар давлатга хиёнат бўйича тўққизта, сўнгги йилларда эса фақат битта иш очилган.
Жорий йилнинг март ойида янги гуруҳ келиши билан Украина хавфсизлик хизмати терговчилари давлатга хиёнат бўйича 36 дан зиёд жиноий ишни қайд этиб, уларда 31 киши гумон қилинди; 17 киши ҳибсга олиниши бўйича тегишли чоралар кўрилди», — деди Гитлянская.
Маълум қилинишича, 10 кишига нисбатан «давлатга хиёнат» тўғрисидаги жиноий иш бўйича 10 та айблов ҳужжати рўйхатдан ўтказилди. Бундан ташқари, саккиз нафар ҳарбий ходимнинг қонунга зид фаолияти тўхтатиб қўйилди.
Изоҳ (0)