Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига қарашли Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказида табиий ва синтетик полимерлар асосидаги нанополимер тизимларнинг тузилиши ва хоссаларини ўрганиш ва бундай маҳсулотлар олишнинг замонавий технологияларига бағишланган халқаро анжуман бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Миллий университети ректори Ғ. Муҳамедов, Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази директори С.Рашидова ва бошқалар илм-фан тараққиётини ривожлантириш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишини ташкил этишини алоҳида таъкидлади. Бу борада яратилган кенг кўламли имкониятлар туфайли фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар изчил ривожланмоқда, яратилаётган янги технологияларни амалга татбиқ этиш орқали салмоқли натижаларга эришилмоқда.
«Мамлакатимизда илм-фаннинг барча соҳалари қатори полимерлар кимёси ва физикаси йўналиши ҳам изчил ривожланмоқда. Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказида ўн иккита фундаментал, амалий ва инновация, йигирмага яқин хўжалик шартномалари асосида илмий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда», − дейилади хабарда.
Олимлар ва мутахассислар қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, тиббиёт ва жамиятимизнинг барча тармоқларида қўлланиладиган замонавий полимер маҳсулотлар яратиш устида изланмоқда. Илмий тадқиқотлар натижасида қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган УЗХИТАН препарати яратилди. Ушбу воситани аграр соҳада қўллаш натижасида ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот сифатини юксалтириш ва валютани тежашга эришилмоқда.
Хабарда айтилишича, Фан ютуқлари тиббиёт соҳасида ҳам самарали ихтироларни яратиш имконини бераётир. Ана шундай муҳим ишланмалардан бири «СелАгрип» препарати шифобахш хусусиятлари жиҳатидан хориждаги аналогларидан асло қолишмайди. Ҳозирги кунда пойтахтимиздаги «Радикс» илмий-ишлаб чиқариш корхонасида тайёрланаётган ва амалда кенг фойдаланилаётган ушбу препарат грипп касаллигининг олдини олиш ва даволашда самарали воситадир. Ушбу препаратдан хорижий мамлакатларда «Кагоцил» савдо белгиси остида фойдаланилаётир.
Конструксион полимерлар асосида янги материаллар яратиш, қайта ишлаш усулларини такомиллаштириш ҳам илмий изланишларнинг муҳим йўналишларидандир. Бу борадаги тадқиқотлар нанотехнологияларни қўллаш учун махсус композицион полимер материаллар олиш имконини яратади.
ЎзА хабарига кўра, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 8 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тузилмасини янада мақбуллаштириш ҳамда республика академик илм-фани ва олий таълимининг интеграциясини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарорга мувофиқ Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида фаолият юритмоқда ва етук олим ҳамда мутахассислар илмий-тадқиқот ишлари билан бир қаторда таълим жараёнида ҳам фаол иштирок этаётир.
Марказда таълим ва илм-фан ҳамкорлиги билан бир қаторда йигирмага яқин ишлаб чиқариш корхонаси билан алоқалар йўлга қўйилган.
Халқаро илмий-амалий анжуман доирасида ёш олимларнинг илмий лойиҳалари тақдимоти ва олимлар ҳамда саноат корхоналари вакиллари иштирокида фан, таълим, амалиёт интеграциясига оид давра суҳбати ташкил этилади.
Изоҳ (0)