2014 йил 31 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 16-ялпи мажлисини шу йил 13 ноябрда Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Сенатнинг ялпи мажлиси муҳокамасига 2015 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни киритиш режалаштирилмоқда.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига «‘Инвестиция фаолияти тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган.
Шу билан бир қаторда навбатдаги ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинади.
Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг ва Девонининг 16-ялпи мажлисни тайёрлаш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ишини мувофиқлаштириш учун Кенгаш томонидан тегишли ишчи гуруҳ тузилди.
Изоҳ (0)