Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзолари Тошкент орқали улкан юк олиб ўтиб кетилгани ҳақида хабар бермоқда. «Юк ортилган колонна тезлиги соатига 10 километрдан ошмайди», — деб ёзди фойдаланувчи. У юкнинг Тошкент Иссиқлик электр станцияси учун эҳтиёт қисмлари эканлигини тахмин қилди.
Постга фикр билдирганларнинг кўпчилиги ушбу юкни ўзлари ҳам кўрганини қайд этган. Кимдир уни Самарқанд шаҳрида, кимдир Самарқанд—Тошкент автомобиль йўлида учратганини ёзган. Қозоғистонлик фойдаланувчи эса юкнинг 3 ой аввал Ақтау шаҳридан (Қозоғистон) йўлга чиққанини таъкидлаган.
Гувоҳларнинг таъкидлашича, юк колоннасига Synecta ёзуви туширилган юк машинаси йўлбошчилик қилган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь бошида «Тошкент ИЭСда 370 МВт қувватли буғ-газ қурилмасининг қурилиши» лойиҳаси бўйича газ турбиналари, газтурбинали генераторнинг ва ёрдамчи ускуналарнинг асосий қисмлари таъминловчи томонидан етказиб берилгани хабар қилинган эди. Ўшанда жорий йилнинг октябрь ойида асосий буғ-газ қурилма ускуналарининг етказиб берилиши режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Ушбу ускуналар етказиб берувчиси деб тахмин этилаётган Synecta Central Asia МЧЖ энергетика объектларини қуриш ва таъмирлаш билан шуғулланади. У Словакиянинг Synecta a.s. компаниясининг Тошкентдаги шўбаси ҳисобланади.
Изоҳ (0)