АҚШнинг SpaceX хусусий компанияси томонидан қурилган Dragon номли юк ташувчи космик кема 25 октябрь куни Ерга қайтиб, Тинч океанининг Калифорния яқинидаги қисмига қўнди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
SpaceX’нинг қайд этишича, кема сувга маҳаллий вақт билан 12:38 (Тошкент вақти бўйича 01:38)да қўнган.
Компания томонидан ёлланган кемалар аппаратни кутиб олиб, уни Лос-Анжелес яқинидаги портга олиб бориши режалаштирилган.
Кема 23 сентябрь куни Халқаро космик станция билан учрашиб, олти кишидан иборат экипажга 2,5 тонна юк, хусусан, озиқ-овқат, илмий тажрибалар учун қурилма ва материалларни етказиб берди.
Dragon бутун дунёдаги қайта фойдаланила оладиган ягона космик кема бўлиб, унинг қайтиши аввалига 21 октябрга режалаштирилган эди. Бироқ Тинч океанидаги кучли шамол туфайли унинг қайтиши ортга сурилди.
Бу Dragon’нинг Халқаро космик станция томон амалга оширган тўртинчи парвози бўлди. NASA ва SpaceX ўртасида тузилган 1,6 миллиард долларлик шартномага кўра, Dragon у ерга яна саккиз маротаба парвоз қилиши керак.
Изоҳ (0)