Жорий йилда Ўзбекистон пахтакорлари уч миллион 400 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этиб, шартнома мажбуриятини ошириб бажарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Жорий йилда сермаҳсул, зараркунанда ва касалликларга чидамли, Ўзбекистон иқлим шароитига мос ғўза навлари экилиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилди. Давлат раҳбарининг 2014 йилда ғўза навларини жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги қарорига асосан майдонларда иқлим шароитига мос, ингичка ва ўрта толали ғўза навлари парваришланди.
Далаларга ғўзанинг «Бухоро-6», «Бухоро-102», «Султон», «Наманган-77», «С-6524», «Ибрат», «Меҳнат» каби эртапишар, саноатбоп, серҳосил, жаҳон пахта бозорида харидоргирлиги билан ажралиб турадиган навлари экилди. Натижада тажрибали деҳқон ва фермерларнинг фидокорона меҳнати эвазига сифатли пахта хомашёси тайёрланди.
Жорий мавсумда пахта далаларида «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган ҳосилнинг 90 фоизигача тўлиқ тера оладиган 1200 дан зиёд MX-1,8 модернизацияланган пахта териш машиналари иштирок этди.
Аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон пахтасининг юқори сифати жаҳонда кенг эътироф этилиб, Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига хорижда талаб тобора ортмоқда. Жорий йилнинг 13—14 октябрь кунлари Тошкентда ўтган Х халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида бу яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Изоҳ (0)