Россия тергов қўмитаси вакили Владимир Маркин Москванинг Внуково аэропортида 21 октябрга ўтар кечаси содир бўлган авиаҳалокат иши бўйича аэропортнинг бир неча ходими қўлга олинганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Gazeta.ru.
«Қор тозалаш ишларини бошқарган Внуково аэропортининг аэродром хизмати етакчи муҳандиси Владимир Леденев, парвозлар раҳбари Роман Дунаев, амалиётчи-диспетчер Светлана Кривсун ҳамда диспетчер Александр Круглов қўлга олинди», − деди Маркин.
Аввалроқ, Total президенти Кристоф де Маржери ва уч экипаж аъзоси ўрин олган енгил двигателли самолёт Внуково аэропортида қор тозаловчи машина билан тўқнашиб кетиши оқибатида самолётдаги барча кишилар ҳалок бўлгани, ҳеч қандай зарар кўрмаган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси эса маст ҳолатда бўлгани аниқлангани ҳамда у икки суткага ҳибсга олингани хабар берилган эди. Ҳайдовчининг адвокати эса гумондор сурункали юрак хасталиги билан оғригани туфайли умуман спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)