Москванинг Внуково аэропортида 21 октябрга ўтар кечаси хусусий самолёт билан тўқнашиб кетган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси Владимир Мартиненковнинг адвокати Александр Карабанов мижозининг спиртли ичимлар ичмаслигини маълум қилган, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
«Ҳимоям остидаги киши сурункали юрак хасталиги билан оғрийди, у спиртли ичимликларни умуман истеъмол қилмайди, буни қариндошлари ҳам, шифокорлар ҳам тасдиқлаши мумкин. Ҳодиса вақтида у тетик бўлган», − деди адвокат. Шунингдек, у Мартиненковнинг ҳимояси учун оқловчиларнинг катта гуруҳи жалб этилишини айтиб, ҳодиса учун жавобгарлик оддий инсоннинг бўйнига қўйилишини истамаслигини таъкидлаган.
Аввалроқ, Total президенти Кристоф де Маржери ва уч экипаж аъзоси ўрин олган енгил двигателли самолёт Внуково аэропортида қор тозаловчи машина билан тўқнашиб кетиши оқибатида самолётдаги барча кишилар ҳалок бўлгани, ҳеч қандай зарар кўрмаган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси эса маст ҳолатда бўлгани аниқлангани ҳамда у икки суткага ҳибсга олингани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)