Соннам шаҳридаги концерт учун жавобгар бўлган жанубий кореялик амалдор 16 кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиадан кўп ўтмай ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда The Telegraph хабар бермоқда.
37 ёшли мансабдорнинг жасади 18 октябрь, шанба куни топилган. Бундан бир неча соат аввал уни терговчилар сўроқ қилишган. Ўлимидан олдин амалдор ўз рафиқасига қисқа мактуб қолдирган: «Ҳалок бўлганлар учун афсусдаман. Илтимос, болаларимга ғамхўрлик қил».
17 октябрь, жума куни Осиёда оммабоп бўлган 4 minute гуруҳи концерти давомида талабалар бўш ўрин топа олмасдан вентиляция панжараси устига чиққан. Гувоҳлар сўзларига кўра, яқин орада уларга қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган масъул шахслар бўлмаган. Томошабинлар панжара устида куйлаб рақс тушган. Охири, у 25 кишини кўтара олмай, синиб кетган. Томошабинлар 20 метрлик вентиляция чуқурига тушиб кетган.
Натижада 12 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши «тез ёрдам» машинасида, яна икки нафари шифохонада вафот этган. 11 киши эса оғир жароҳат олган.
Изоҳ (0)