Россиянинг Томск вилояти олимлари ўзларининг словениялик ҳамкасблари билан саратонни мажмуали даволашнинг янги усулини ўйлаб топди, дея хабар бермоқда «РИА Новости». У дунёда муқобилига эга эмас ва беморларда ўзига нисбатан турғунликни келтириб чиқармайди.
Аввалроқ Россия Фанлар академияси Сибирь бўлинмаси институти Сибирь давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда яраларни тузатувчи боғични ишлаб чиққан эди. Ундаги фаол ютувчи марказлар электростатик омил ҳисобига ярадаги микроорганизмларни йўқ қилади ва уларнинг кўпайишига йўл қўймайди. Бу тез битмайдиган жароҳатларни даволаш вақтини қисқартиради ва антибиотиклар қўллашга ҳожат қолдирмайди.
Словениядаги Жозеф Стефан институти олимларининг фикрича, ушбу материалларни кимё терапиясида қўллаш лозим. Шунда кимёвий препаратлар дозаси 20—30 марталаб камайиши мумкин бўлади.
Ҳамкорликдаги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, шишли ҳужайраларга ушбу материал таъсир қилинганида ҳужайра ташқи муҳит билан алоқани йўқотади, натижада у ўсиш ва кўпайишдан тўхтайди.
Лабораторияда ҳайвонлар устида кўкрак бези саратони бўйича ўтказилган тажрибалар муваффақиятли кечган, айни пайтда теридаги хавфли ўсма бўйича ҳайвонлар устида эксперимент ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)