2014 йил 21 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг тўққиз ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ҳамда 2014 йилнинг 17 январида республика Ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилда қабул қилинган фармони ва қарори талабларини амалга оширишга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши кичик бизнеснинг 20,2 мингта янги субъектини ташкил этишга кўмаклашди.
Кичик бизнес улуши саноатда 2013 йилнинг тўққиз ойидаги 27,9 фоиздан жорий йилда 31,1 фоизгача, ўзлаштирилган инвестициялар 32,2 фоиздан 33,2 фоизгача ва бандликда 76 фоиздан 76,5 фоизгача ўсди.
Кичик бизнес субъектларига 224 та давлат активлари сотилди, 23 мингта фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ижарага берилди. Тижорат банклари томонидан умумий суммаси 7,3 триллион сўм ёки 2013 йилнинг тўққиз ойидагига қараганда 1,3 баравар кўп кредитлар ва микрокредитлар берилди.
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 99 фоизи солиқ ҳисоботларини, 94,7 фоизи статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширмоқда. Юк божхона декларацияларининг 98 фоизидан ортиғи электрон усулда расмийлаштирилмоқда.
Изоҳ (0)