Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Валентин Коваленко шу йилнинг 22 ноябрь куни Сингапурда старт оладиган Suzuki Cup баҳсларига таклиф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Жануби-шарқий Осиё минтақасининг жами саккизта терма жамоаси иштирок этадиган мазкур турнирда Коваленко бригадаси иккита ўйиндан иборат финал учрашувинининг илк ўйинини бошқаради. Финалнинг илк учрашуви 17 декабрь куни бўлиб ўца, жавоб баҳси 20 декабрь куни ўтказилади. Илк ўйинда Коваленкога қанотларда Маъмур Саидқосимов ҳамда Жаҳонгир Саидов ёрдам беради. Ўзбекистонлик яна бир ФИФА рефериси Владислав Цейтлин эса учрашувда захира ҳаками сифатида ишлайди.
Таъкидлаш жоиз, Suzuki Cup турнирининг гуруҳ ўйинларида ўзбекистонлик яна бир ФИФА рефериси — Ильгиз Танташев ҳам ҳакамлик қилади. Танташев мусобақанинг гуруҳ босқичи ўйинларида ўз ёрдамчиси Руслан Серазетдинов билан учрашувларни бошқаради.
Маълумот ўрнида, Suzuki Cup турнирида бу йил жами саккизта терма жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади. Айни дамда мазкур мусобақада иштирок этувчи олтита терма жамоанинг номи маълум. Булар — Вьетнам, Филиппин, Индонезия, Сингапур, Малайзия ва Таиланд терма жамоаларидир. Яна иккита жамоа номи саралаш баҳслари якунига етгач, маълум бўлади. Турнир ўйинлари 22 ноябрь куни старт олса, мусобақанинг ярим финал ва финал баҳслари қисқа муддатлик танаффусдан сўнг, 17 ва 20 декабрь кунлари ўтказилади.
Изоҳ (0)