9-11 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳри самбо бўйича ёшлар, ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Унда сайёранинг 30 дан ортиқ давлатидан 400 га яқин иштирокчи гиламга тушди. Тўлиқ таркиб билан қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бешта кумуш, тўртта бронза медалларига эгалик қилди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Умумжамоа ҳисобида Россия, Грузия терма жамоаларидан сўнг фахрли учинчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон полвонлари якшанба оқшомида қайтиб келди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида кенг спорт жамоатчилиги, ОАВ ходимлари қарши олди.
23 нафар ўғил-қиздан иборат терма жамоа жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. Гарчи олтин медаль қўлга киритилмаган бўлса-да, беш нафар ўзбекистонлик спортчи финалгача етиб борди.
«Жаҳон чемпионатида ўз олдимга катта мақсад қўйгандим, — деди мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритган Жаҳоной Туркманова. — Олтин медални олишим мумкин эди. Бироз тажрибам камлик қилди. Энди хатолар устида жиддий ишлаган ҳолда навбатдаги жаҳон чемпионатида албатта кумуш медални олтинга айлантираман».
«Терма жамоамиз аъзоларининг аксарияти бу каби жаҳон чемпионатига биринчи бор чиқишлари, — деди Ўзбекистон самбо федерацияси раҳбари Равшан Аҳмаджонов. — Шундай бўлишига қарамай, шогирдларимиз биз кутган натижани қайд этди. Умумжамоа ҳисобида 33 та давлат вакиллари орасида учинчи ўринни эгалладик. Биз учун биргина армонга айланган нарса шуки, ортга олтин медалсиз қайтдик. Ўйлайманки, яқинда бўлиб ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида буни уддасидан чиқамиз. Олтин медални қўлга киритамиз».
Эслатиб ўтамиз, катталар ўртасидаги 37-Жаҳон чемпионати 20—24 ноябрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтади. 2 ноябрь кунидан тайёргарлик машғулотларига киришадиган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 19 ноябрь санасида Японияга жўнаб кетади.
Шунингдек, Ўзбекистон фахрийлари 24 октябрь куни Грецияга йўл олади. Ҳар йили анъанавий ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг навбатдагиси айнан олимпия ўйинлари ватанида 25—28 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон шарафини 15 нафар фахрий полвон ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)