Хитойда гиёҳванд модда истеъмол қилиш ёки фоҳишахоналарга боришда қўлга тушган юлдузларнинг эфирга чиқиши тақиқланди. Бу ҳақда China Daily хабар бермоқда.
Мазкур тақиқ нафақат теле- ва радиошоулар, балки реклама роликлари ва интернет ОАВларида ҳам амал қилади.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, чеклов «соҳани соғломлаштириш» мақсадида жорий этилган. Ёшлар ўзларининг севимли юлдузларига тақлид қилишга ҳаракат қилади. Бироқ юлдузлар кўпинча ўзини ножўя тутади ва ўсиб келаётган авлодга салбий намуна вазифасини ўтайди, дейилади нашрда.
Тақиқ интернет фойдаланувчилари ўртасида кенг баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Кўпчилик уни ижобий баҳолаётган бўлса, яна бир гуруҳ хитойликлар истеъдодли актёрларнинг катта миқдори экран ҳамда эфирдан йўқолиб кетишидан хавфсирамоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда Хитойда юлдузлар билан боғлиқ бир қанча йирик можаролар содир бўлди. Хусусан, 14 август куни Пекин полицияси Жеки Чаннинг ўғли Жейсини гиёҳванд модда сақлаш айблови билан ҳибсга олди. Жейси билан биргаликда тайванлик актёр Кай Ко ҳам қўлга олинди. У гиёҳванд модда истеъмол қилганликда айбланди.
Изоҳ (0)