Банк муассасаларини баҳолашнинг турли хил усуллари мавжуд. Бозор капитализацияси дунёдаги энг йирик банкларни аниқлашдаги энг мақбул йўллардан бири ҳисобланади. Очиқ акциядорлик жамиятининг соф қиймати унинг бозор капитализацияси орқали ҳисобланади. Uzbekistan Today нашри бозор капитализацияси борасидаги маълумотларга таянган ҳолда дунёнинг энг йирик 10 та банки рўйхатини келтириб ўтди.
Рейтингнинг ўнинчи поғонасини Австралиянинг Commonwealth Bank of Australia банки эгаллади. Унинг бозор капитализацияси 131,53 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Банк 1911 йилда ташкил этилган бўлиб, тўла хусусийлаштирилган халқаро банк ҳисобланади. У фонд биржасида рўйхатга олинган Австралиядаги энг йирик иккинчи хусусий компаниядир.
Тўққизинчи ўринда Хитой банки (Bank of China) жойлашди, унинг бозор капитализацияси 115,92 миллиард АҚШ долларига тенгдир. 1912 йилда ташкил этилган ушбу муассаса Хитойнинг энг қадимги банкидир. У бутун дунё бўйлаб ўз ваколатхоналарига эга.
Саккизинчи ўринни Хитойнинг яна бир банки – Хитой қишлоқ хўжалик банки (Agricultural Bank of China) эгаллади, унинг бозор капитализацияси 126,41 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Банкнинг 320 миллион жисмоний шахслардан иборат мижозлари ва деярли уч миллион корпоратив мижозлари бор. Банк дунё бўйича 24 минг филиалга эга.
Еттинчи ўринда бозор капитализацияси 144,63 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Citigroup жойлашди. Унинг бош қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Манхэттен округида жойлашган. Citigroup ушбу рўйхатдаги Американинг иккинчи энг йирик банкидир.
Олтинчи ўринни – Хитой қурилиш банки (China Construction Bank) банд этди, унинг бозор капитализацияси 160,83 миллиард АҚШ долларига тенгдир. China Construction Bank Хитойдаги иккинчи энг йирик кредитордир.
Бешинчи ўринни Bank of America эгаллади, унинг бозор капитализацияси 181,77 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу банкнинг бош қароргоҳи АҚШнинг Шимолий Каролина штати Шарлотта шаҳрида жойлашган.
Тўртинчи ўринда HSBC Holdings банки бўлиб, унинг бозор капитализацияси 191,43 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. HSBC Holdings ушбу рўйхатдаги ягона Британия банки бўлиб, унинг дунё бўйлаб 125 миллион мижозлари ва тахминан етти минг филиали мавжуд.
Учинчи ўринда Хитой савдо-саноат банки (Industrial and Commercial Bank of China) жойлашди. Мазкур банк Хитойнинг энг йирик тижорат банки ҳисобланиб, унинг бозор капитализацияси 196,21 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Иккинчи ўринни бозор капитализацияси 229,90 миллиардни ташкил этувчи Америка конгломерати JP Morgan Chase & Co эгаллади. Ушбу банк 2000 йилда Chase Manhattan Corporation ва JP Morgan & Co’ларнинг бирлашиши натижасида пайдо бўлган.
Биринчи ўринни дунё бўйлаб банк ва молиявий хизматлар кўрсатувчи халқаро Wells Fargo компанияси эгаллади. Унинг бозор капитализацияси 261,72 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Изоҳ (0)