Apple бренди кетма-кет иккинчи йил дунёдаги энг қиммат бренд деб тан олинди, дея хабар бермоқда Korrespondent.net Interbrand компанияси томонидан ҳар йили тузиладиган Best Global Brands рейтингига таяниб.
Ўтган йил ичида Apple бренди 21 фоизга ошди, айни пайтда у 118,9 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Иккинчи поғонани Google эгаллади. Ушбу бренднинг нархи 2013 йилдан буён 15 фоизга ошиб, 107,4 миллиард долларга етди.
Юқори учликни Coca-Cola бренди якунлади. Унинг ўсиш даражаси 3 фоизга, айни пайтдаги нархи эса 81,6 миллиард долларга тенг бўлди.
Рейтингнинг тўртинчи ва бешинчи ўринларини IBM (72,2 миллиард доллар) ҳамда Microsoft (61,2 миллиард доллар) компаниялари брендлари эгаллади.
Энг қиммат брендлар ўнлигига General Electric (45,48 миллиард доллар), Samsung (45,46 миллиард доллар), Toyota (42,39 миллиард доллар), McDonald’s (42,25 миллиард доллар) ва Mercedes-Benz (34,34 миллиард доллар) компаниялари брендлари ҳам кирди. Рейтингдан жами юзта компания жой олди.