Халқаро валюта фондининг сешанба куни эълон қилинган жаҳон иқтисодиёти ривожланиши тўғрисидаги маърузасида ёрқин бир ҳодиса ўз аксини топди: ривожланаётган йирик етти давлат харид қобилияти паритети бўйича ҳисобланадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмига кўра ривожланган «Катта еттилик»ни ортда қолдирди. Бу ҳақда Financial Times’га таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Гипотетик янги G7 BRIK давлатларининг барчаси — Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой, шунингдек, MINT гуруҳидаги Нигериядан ташқари қолган мамлакатлар — Мексика, Индонезия ва Туркияни ўз ичига олади. «Аввалги» G7 (Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ)нинг харид қобилияти паритети бўйича умумий ЯИМ 34,5 триллион долларга тенг бўлган бир вақтда, янги еттиликнинг биргаликдаги ЯИМ 37,8 триллион долларни ташкил этди.Харид қобилияти паритети бўйича ЯИМ кўрсаткичига кўра, Хитой апрель ойидаёқ АҚШдан ўзиб кетганди. АҚШда бу кўрсаткич 17,4 триллион долларга тенг бўлганда, ХХРда ЯИМ 17,6 триллион долларга етган эди.
Харид қобилияти бўйича ҳисоблаш аниқ фан методикасидан анча фарқ қилади. Бироқ шу ҳолатда ҳам янги баҳолар жаҳондаги кескин ўзгаришларни намоён қилмоқда: иқтисодиёти йирик 20 давлатдан 10 таси ривожланаётган мамлакатларга тўғри келади. Индонезия иқтисодий ривожланган давлатлар ўнталигининг 9-поғонасидан ўрин олиб, Буюк Британиядан ўтиб кетди. Нигерия эса мазкур рўйхатда 30-ўриндан 20-ўринга кўтарилди, деб қайд этди Financial Times.
Изоҳ (0)