Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарга қарши ўртоқлик ўйинида иштирок этиш учун Доҳа шаҳрига учиб кетди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
6 октябрь куни Доҳада Миржалол Қосимов шогирдлари мезбон — Қатар миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур ўйинда иштирок этиш учун миллий терма Доҳага жами 19 нафар футболчи билан йўл олди.
Таъкидлаш жоиз, Қатарга қарши ўйинда терма жамоа бош мураббийи хорижда тўп сураётган легионерларнинг хизматидан фойдалана олмайди. Негаки, 4-5 октябрь кунлари хориж чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар ўз жамоалари сафида майдонга тушиши мумкин.
Қатар терма жамоасига қарши учрашув якунига етгач, Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик ўйинларида майдонга тушиш учун БААнинг Дубай шаҳрига йўл олади. Дубайда Ўзбекистон футболчилари 10 октябрь куни Баҳрайн, 14 октябрда эса БАА миллий терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказади. Мазкур баҳсларда иштирок этиш учун хориж чемпионатларида тўп сураётган легионерлар терма жамоа сафига келиб қўшилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Доҳа шаҳрига йўл олган таркиби:
Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров («Локомотив»), Элдор Суюнов («Насаф»), Акбар Тўраев («Бунёдкор»).
Ҳимоячилар: Шавкат Муллажонов, Ислом Тўхтахўжаев, Бобур Йўлдошев, Салим Мустофаев (барчаси «Локомотив»), Акмал Шораҳмедов («Бунёдкор»), Егор Кримец («Пахтакор»), Шуҳрат Муҳаммадиев («Насаф»).
Ярим ҳимоячилар: Фозил Мусаев («Локомотив»), Владимир Козак, Жамшид Искандеров (иккаласи «Пахтакор»), Фаррух Сайфиев («Насаф»), Сардор Рашидов, Жавлон Иброҳимов (иккаласи «Бунёдкор»).
Ҳужумчилар: Вохид Шодиев ("Бунёдкор"), Навруз Олимов ("Қизилқум"), Игор Сергеев ("Пахтакор").
Изоҳ (0)