Хитойда iPhone 6 смартфонларининг сотуви 17 октябрдан, уларни буюртма қилиш эса 10 октябрдан бошланишига қарамасдан, 1 октябрь куни мамлакатнинг China Mobile, China Unicom ва China Telecom операторлари янги Apple смартфонлари учун олти соат давомида буюртма қабул қилган. Бу ҳақда Phonearena.com маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Ушбу уч компания Хитойнинг мобил қурилмалар бозорини назорат қилувчи операторлар ҳисобланади. Хитойликлар улар орқали олти соат давомида 2 миллион дона iPhone 6 смартфонларини буюртма қилган.
Бу жуда катта рақам, чунки Apple тўққизта давлатда iPhone 6 учун буюртма қабул қилишни бошлаганидан сўнг, илк 24 соат ичида 4 миллион дона iPhone 6 смартфонлари сотилган эди. Аммо Хитойда 1,2 миллиард мобил қурилма фойдаланувчиси борлиги ва ушбу мамлакатда катта дисплейли мобил қурилмалар учун талаб катталиги инобатга олинса, бу рақамларга ишониш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Apple 4,7 дюймли iPhone 6 ва 5,5 дюймли iPhone 6 Plus смартфонларини ишлаб чиқарган эди. Ушбу смартфонларнинг энг қиммати Ўзбекистонда 5 миллион сўмдан сотилмоқда.
Изоҳ (0)