Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, шунингдек, «Жаҳон» ахборот агентлиги билан битимлар имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ушбу битимлар сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, Ўзбекистон ва чет эл жамоатчилигини Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирлардан кенг хабардор қилиш мақсадида имзоланди.
Битимларда миллий сайлов қонунчилиги — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунлари ҳамда сайлов жараёнини тартибга солувчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишларини самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда бир хил эфир вақти ва босма майдони ажратиш орқали тенг шароит яратилишига алоҳида эътибор қаратилган.
«Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар Дастурида кўзда тутилган вазифаларни бажариш мақсадида амалга оширилмоқда, — деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов. — Ҳамкорлигимизнинг асосий мақсади — жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичлари ҳақида кенг хабардор қилиш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини ташкил этиш, сайловчиларга сайлов тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини тушунтириш, фуқароларни сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди платформалари билан таништириш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш, сайлов куни онгли равишда овоз бериш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборатдир».
Томонлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий теле- ва радиоканаллари, давлат босма оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистон ахборот агентликлари орқали сайловга тайёргарликнинг бориши ҳамда уни ўтказишга оид ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш ва тарқатиш борасида ҳамкорлик қилади.
Изоҳ (0)