Кимларгадир iPhone 6 смартфонларининг букланиши кўрсатилган видеони YouTube’да томоша қилишнинг ўзи етмайди. Улар сўнгги кучларини сарфлаб бўлса-да, 5,5 дюйм дисплейли iPhone 6 смартфонини ўз қўллари билан буклаб, катта кулгуга сабаб бўлишни исташади.
Аввалроқ iPhone 6 смартфонларини осон букланишини кўрсатганлар ўз пулларига ушбу смартфонни сотиб олиб, кейин унинг устида тажриба ўтказган бўлсалар, икки 15 ёшли мактаб ўқувчиси эса Apple дўконида Apple мулкини бузишга уринишди. Бу ҳақда The Verge маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Данни ва Кайли исмли бу 15 ёшли йигитлар Apple дўконига кириб, iPhone 6 Plus смартфонини ҳали харид қилмасдан туриб, унинг букилишини исботламоқчи бўлишди.
Улар аввалига дўкондаги Apple ходимларидан бири билан суҳбатлашиб, ростдан ҳам iPhone 6 смартфонлари осон букланиши ҳақида сўрашади. Apple ходими эса, агар ушбу смартфонлар билан ортиқча ҳаракатлар бажарилмаса, унга ҳеч нарса қилмайди, дейди.
Болалар эса бунга ҳам қарамасдан, iPhone 6 Plus’ни барибир буклашга уринишди. Бунинг учун анча вақт ва куч сарфлаб, ниҳоят ўз мақсадларига эришишди. Букланган iPhone 6’ни дўконда қолдириб ўзлари қочиб кетишди.
Видеони олганлардан бири — Кайлининг айтишича, улар ўзлари буклаган iPhone 6’га пул тўлашларига тўғри келмаслиги учун дўкондан дарҳол қочиб қолишлари керак эди.
Улар видеони YouTube’га жойлаб, «агар буни кулгули деб ҳисобласангиз, Like босинг», деб ёзишган. Балки, бу видео ростдан ҳам кулгулидир, аммо Apple ва унинг ҳуқуқшунослари буни кулгули деб ҳисоблашмайди-да. Болалар қилмиши сабаб жиноий жавобгарликка тортилса, бу уларнинг ота-оналари учун ҳам кулгули бўлмаса керак.
Кайли видеода, у дўсти билан қилган иши жиноий жавобгарликка тортиладиган зарар етказиш бўлиши мумкинлиги, аммо смартфоннинг бундай ишлаб чиқарилиши Apple’нинг хатоси эканлигини таъкидлаган.
Аслида бундай эмас, чунки iPhone 6’нинг букланиши ҳақидаги видео Apple’ни масхара қилиш учун чиқарилган. Буни Apple исботлай олади ва болаларни айбдор ҳам қилиши мумкин.
Ҳозирча Apple бундай йўл тутмаган. Шундоқ ҳам, ижтимоий тармоқларда ва ОАВларда болаларни ахмоққа чиқараётган ҳамда уларни ёмон сўзлар билан жазолаётганлар талайгина.
Ҳозирда видео муаллифи Кайли ўз айбини тан олган ва кечирим сўраган. У Apple билан боғланиб, бузилган iPhone 6 Plus’нинг пулини тўлашини таъкидлаган.
Изоҳ (0)