Бирлашган Араб Амирликлари тарихидаги ҳарбий хизматга илк чақириқ давомида кўнгилли равишда ёзилган аёллар сони 150 нафарга етди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
31 август куни хизматга киришган БАА армиясига чақирилганларнинг илк гуруҳи 7000 кишидан ортган, аёлларнинг сони эса аввал маълум қилинмаган эди. Мамлакатда ҳарбий хизмат 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган эркаклар учун мажбурий, аёллар учун эса ихтиёрий ҳисобланади.
«Кўнгилли аёллар ҳарбий хизматни алоҳида лагерларда аёл командирлар ва инструкторлар бошчилигида ўтайди», − деди Миллий ҳарбий хизмат ва заҳира бошқармаси бошлиғи Аҳмад бин Таҳнун Ал Наҳаян. Унинг сўзларига кўра, аёллар катта иштиёқ кўрсатмоқда ва аксарият ҳолларда хизматни охиригача давом эттирмоқда. Аввалроқ аёллар исталган вақтда ўз хоҳишига кўра ҳарбий хизматни тарк этиши мумкинлиги эълон қилинган эди.
БАА президенти Шайх Халифа бин Заид Ал Наҳаян жорий йилнинг июнь ойида қуролли кучларда мажбурий хизмат ўташ тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Унга кўра, ўрта мактаблар битирувчилар ҳарбий хизматни 9 ой, мактабни тугатганлиги тўғрисидаги дипломга эга бўлмаганлар эса икки йил мобянида ўтайдилар. Юқори баҳолар билан тугатганлар университетларга тавсия қилиниши ва ҳарбий хизмат чақириғи кечиктирилиши мумкин.
Изоҳ (0)