26 сентябрь куни Республика Киночилар уйи ва Алишер Навоий номидаги кино саройида сценарийнавис ва режиссёр Абдухалил Мигнаровнинг «Ёнингдаман!» («Ота») бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Жаҳонгир Қосимов А.Мигнаровни миллий мустақилликнинг 23 йиллик байрами арафасида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвонига сазовор бўлгани ва унинг тўлиқ метражли фильм сценарийнависи ва режиссёри сифатидаги муваффақиятли дебюти билан қутлади.
Фильмда ота билан фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, одамийлик, меҳр-оқибат каби эзгу фазилатлар акс эттирилган. Вақтида фарзандлар тарбиясига етарлича эътибор беролмаган ота хатоларини тузатиш, ногирон кенжа ўғлини даволатиш учун сафарга отланади. Улар йўлда турли ибратли воқеаларга гувоҳ бўлади. Охир-оқибат ота ҳаётда ҳеч қачон эзгулик беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилади.
Кинотанқидчиларнинг фикрича, фильмда актёрлар ансамбли яхши танланган. Айниқса, таниқли актёрлар Карим Мирҳодиев ва Сейдулла Молдахонов иштирок этган саҳналар жозибали чиққан. Ёш актёр Фотиҳ Очиловнинг маҳорати ҳам уларнинг эътирофига сазовор бўлди.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмаси билан «Ўзбекфильм» киностудиясида тасвирга олинган «Ёнингдаман!» («Ота») бадиий фильми 26 сентябрдан бошлаб, Республика Киночилар уйи ва А.Навоий номидаги кино саройида намойиш этилмоқда.
Изоҳ (0)